Трамп Эронга очиқ таҳдид қилди: “Яна зарба беришимиз мумкин”
АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан АҚШнинг Палм-Бич шаҳрида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Эрон ва Фаластиннинг Ҳамас гуруҳи бўйича муҳим баёнотлар берди. У Эрон томонидан ядровий ёки ракета дастурлари қайта тикланадиган бўлса, Қўшма Штатлар яна ҳарбий зарба бериши мумкинлигини маълум қилди.
Трампнинг айтишича, АҚШ разведкаси Эрон янги ҳудудларда ҳарбий объектлар қураётган бўлиши мумкинлигини кузатмоқда. Шу билан бирга, у Эрон билан дипломатик музокаралар имконияти ҳали сақланиб қолаётганини, бироқ хавфсизлик масалаларида қатъий чоралар кўрилишини таъкидлади.
Учрашувда Ғазо секторидаги сулҳ келишуви ҳам муҳокама қилинди. Трамп Ҳамасни қуролсизланишга чақириб, агар бу талаб бажарилмаса, оғир оқибатлар бўлиши мумкинлигини билдирди. Исроил томони эса Ҳамас қуролсизланмаса, ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланиши мумкинлигини маълум қилган.
Шунингдек, томонлар Ғазода тинчликни таъминлаш, халқаро хавфсизлик кучларини жойлаштириш ва минтақадаги барқарорлик масалаларини кўриб чиқдилар. Трамп АҚШ Исроил хавфсизлигини қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлаб, Яқин Шарқда барқарорликни таъминлаш асосий мақсад эканини билдирди.