Жошуа автоҳалокатига гувоҳ воқеанинг тафсилотлари ҳақида нималар деди?
Британиялик машҳур боксчи Энтони Жошуа иштирок этган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича янги тафсилотлар маълум бўлди. Воқеа гувоҳи бўлган Аденийи Орожо автоҳалокат қандай содир бўлгани ва ундан кейинги дақиқалар ҳақида ўз хотиралари билан ўртоқлашди.
Унинг айтишича, Lexus русумли автомобиль ҳаракатсиз турган юк машинаси — Pajero’га бориб урилиб кетган. Ҳодиса пайтида Энтони Жошуа орқа ўриндиқда, ҳайдовчининг орқасида жойлашган бўлган. Машина ичида эса жами тўрт нафар одам бўлган.
«Авария содир бўлиши билан биз йўл хизмати ва тез ёрдам келгунча қутқарув ишларини бошладик. Афсуски, ҳайдовчи ҳамда Жошуанинг ёнида ўтирган шахслар воқеа жойининг ўзидаёқ вафот этди», — деди Орожо Daily Express нашрига берган интервьюсида.
Гувоҳ сўзларига кўра, барча ҳаракатлар жуда тез кечган, аммо зарба кучли бўлгани сабаб айримлар учун фожиали оқибатларни олдини олишнинг имкони бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу бахтсиз ҳодисадан бир неча соат ўтиб ҳалок бўлган шахслар Энтони Жошуанинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи ҳамда шахсий тренери экани расман маълум қилинган эди. Жошуанинг ўзи эса енгил жароҳатлар билан қутулиб қолган ва шифокорлар назорати остида экани айтилмоқда.
Мазкур фожиа нафақат боксчи жамоаси, балки бутун спорт жамоатчилиги учун оғир йўқотиш сифатида баҳоланмоқда.