Тошкент вилоятида 2 нафар собиқ ходимга компенсация тўланди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) матбуот хизмати Тошкент вилоятидаги мурожаат бўйича маълумот берди. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.
Унда айтилишича, вилоятда жойлашган хусусий корхонанинг икки собиқ ходими Омбудсманга чиқиб, 2024 йил августидан бери тўхтаб қолган ойлик компенсация пулларини ундириб беришда кўмак сўраган. Маълум бўлишича, улар 1997 ва 1999 йилларда ишлаб чиқаришда жароҳат олгани учун корхона уларга мунтазам тўлов қилиб келиши керак бўлган.
Мурожаат асосида Янгийўл шаҳридаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга даъво аризаси киритилди. Суд иш ҳужжатларини кўриб чиқиб, даъвогарлар талабини қаноатлантирди ва хусусий корхонадан уларнинг фойдасига 35 миллион сўм ундириш ҳақида қарор чиқарди.
Назорат текшируви якунунда эса фуқаролар белгиланган маблағни тўлиқ олгани тасдиқланди.