Дания дунёда биринчи бўлиб анъанавий почтани тугатди
Дания расман қоғоз хатларни етказиб беришдан воз кечган дунёдаги биринчи давлатга айланди, деб nur.kz хабар берди. Мамлакатда сўнгги хат 2025 йил 30 декабрь куни етказиб берилган.
Маълум қилинишича, рақамли технологияларнинг ривожланиши Дания давлат почта хизмати PostNord’нинг қарийб 400 йиллик фаолиятига якун ясади. Энди мамлакатда анъанавий хатлар етказиб берилмайди.
Статистикага кўра, 2024 йилда Дания почта хизмати 2000 йилга нисбатан 90 фоизга кам хат етказган. Солиштириш учун, АҚШда ҳам 2024 йилда хатлар сони 2006 йилга нисбатан 50 фоизга камайган.
Шунингдек, PostNord бутун мамлакат бўйлаб ўрнатилган 1500 та почта қутисини олиб ташлаб, уларни сотди. Тушган маблағлар хайрия ишларига йўналтирилган.