«Челси» тез қарор қилади: янги мураббий номлари очиқланди
Энцо Мареска истеъфосидан кейин «Челси» вақтни чўзиб ўтирмайди. Машҳур инсайдер Фабрицио Романо маълум қилишича, лондонликлар яқин кунларда янги бош мураббийни тайинлашни режалаштирган ва бу жараён узоққа чўзилмайди. Клуб қисқа муддат ичида янги мутахассис билан келишувни расмийлаштириш ниятида.
Романо ахборотига кўра, ҳозирги пайтда асосий фаворит сифатида «Страсбург» бош мураббийи Лиам Росенщр кўрилмоқда. Яъни клуб “янги юлдузли исм” қидираётгани йўқ, балки ишлайдиган, тизим қура оладиган вариантларга кўпроқ ён босаяпти.
Шу билан бирга, вариантлар рўйхати фақат битта ном билан чекланмайди. Манбаларга кўра, Гласнер ва Фабрегас каби йўналишлар ҳам аллақачон аниқ шаклланиб улгурган. Лекин бу ерда муҳим “лекин” бор.
Оливер Гласнер ҳозир «Кристал Пэлас»ни тарк этмайди. У фақат ёзда кетиши мумкин, шу сабабли «Челси» бу вариантни тезкор қарор сифатида ишлата олмаслиги айтиляпти.
Сеск Фабрегас эса «Комо»даги лойиҳасига тўлиқ шўнғиб кетган. У ердаги режаларини ярим йўлда ташлаб кетиш кайфияти йўқдек — демак, бу ном ҳам ҳозирча савол остида.
Энг қизиғи, клуб “мегаюлдуз мураббий” сценарийсини умуман кўриб чиқмаяпти. Романо таъкидлаганидек, Зидан, Клопп ва Моуриньо рўйхатда йўқ. Қисқаси, «Челси» бу сафар хайп эмас, тез ва амалий ечим танлаяпти.
Энди асосий интрига битта: клуб ҳақиқатдан ҳам Росенщр билан “тезда” ишни тугатадими ёки сўнгги дақиқада кутилмаган бурилиш бўладими? Лондонда ҳозир ҳар куни сериал, лекин финали жуда яқин кўринади.