Саида Мирзиёева ислоҳотлар учун қатъиятдан кўра мослашувчанлик ва донишманд ёндашув зарурлигини айтди
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева блогер Кирилл Алтман (AlterEgo YouTube-канали)га берган интервьюсида ислоҳотларни амалга оширишда кескинлик эмас, балки мослашувчанлик ва мулоҳазали, оқилона ёндашув муҳимлигини таъкидлади. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Унинг айтишича, республикада ислоҳотлар энди бошланаётган бўлса-да, уларнинг дастлабки самарасини аллақачон сезиш мумкин: хусусан, мамлакатда бизнес юритиш анча енгиллашган.
Шу билан бирга, Мирзиёева ижобий ўзгаришларга қарамай, муаммолар ҳамон кўплигини, айниқса ҳудудларда масалалар кескинроқ эканини қайд этди.
У давлат имкониятлари чекланганини ҳам эслатиб, бу чекловларни географик шароит, молиявий ресурслар ва инфратузилма билан боғлиқ омиллар сифатида изоҳлади. Мирзиёевага кўра, мамлакат инфратузилмасининг сезиларли қисми, бошқа постсовет давлатларидаги каби, эскирган.
Инфратузилмани янгилаш катта маблағ талаб қилгани боис, бу йўналишдаги ислоҳотлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. Шунингдек, у давлат раҳбари бошқарув тизимини яхши билгани учун натижани кутишни ҳам, юқори талаб қўйишни ҳам уддалай олишини таъкидлади.