Бўстонлиқ тоғ курортлари йўналишида вақтинча бир томонлама ҳаракат жорий этилди
31 декабрдан 12 январгача Бўстонлиқ туманидаги тоғ курортларига олиб борувчи йўлда бир томонлама ҳаракат тартиби йўлга қўйилди. Бу чора байрам кунлари хавфсизликни кучайтириш ва тирбандликларни камайтириш мақсадида жорий этилган. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Вақтинчалик чеклов Тошкент — Чирчиқ — Чимён автомобиль йўлининг 57–92-километрлари оралиғида, 4R10 йўли билан кесишувгача бўлган қисмда амал қилади. Ўзгаришлар Амирсой, Белдерсой ва Чимён дам олиш ҳудудларига қатновчи транспорт оқимига тааллуқли.
Аввалроқ Uznet фойдаланувчилари Амирсой томонга ҳаракатда катта тирбандликлар юзага келаётганини билдирган эди. Айрим ҳайдовчилар ва сайёҳлар бундай ҳолат ҳар йили Янги йил байрамлари даврида такрорланишини ҳам қайд этишган.