2025 йилда ўқитувчиларнинг 60 фоиздан кўпи аттестациядан ўтмади
Ихтисослашган Telegram-каналда 2025 йилги ўқитувчилар аттестацияси бўйича статистик маълумотлар эълон қилинди. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.
Қайд этилишича, бу йилги жараёнда 353,6 минг нафар педагог иштирок этган. Бироқ натижалар кутилганидек чиқмади: қатнашчиларнинг 60 фоиздан ортиғи қониқарли кўрсаткич қайд эта олмаган.
Аттестация якунига кўра янги малака тоифасини олган ўқитувчилар сони ҳам маълум бўлди: олий тоифа — 22 311 нафар, биринчи тоифа — 43 445 нафар, иккинчи тоифа — 60 055 нафар, мутахассис — 13 371 нафар.
Шунингдек, 125 811 нафар педагог ўз тоифасини сақлаб қолган ёки юқорилата олган. Яна 6 553 нафар ўқитувчи аттестация топширмасдан туриб тоифага киритилган.
Касбий аттестация жараёнида 21 836 нафар ўқитувчи-стажёр ҳам қатнашди. Бундан ташқари, 48 599 та миллий ва халқаро сертификат тан олиниб, улар асосида иш ҳақларига устамалар тўлаб берилгани билдирилди.