Ўзбекистон TRUMP мемкоини бўйича текширув бошлади
UzNex платформаси сайтида бир қатор криптоактивлар юзасидан текширув ўтказилаётгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Унда A, KWAV, KBH, KHAI, AMF токенлари, шунингдек АҚШ президенти Дональд Трамп номи билан боғлиқ TRUMP мемкоини ҳам текширув рўйхатига киритилгани қайд этилган. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Kursiv Uzbekistan таҳририяти текширувга нима сабаб бўлгани ва у қанча давом этишини аниқлаштириш учун Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ҳамда UzNex биржасига сўров юборган.
Трамп оиласи билан боғлиқ токенлар 2025 йилда, Трампнинг сайловолди жамоаси иштирокига оммага тақдим этилгани айтилади. Ўшанда OFFICIAL TRUMP (TRUMP) ва OFFICIAL MELANIA (MELANIA) мемкоинлари ишга туширилган, лойиҳалар Дональд ва Мелания Трампнинг шахсий саҳифаларида фаол тарғиб қилинган.
TRUMP мемкоини 2025 йил 18 январда — Трамп инаугурациясидан икки кун олдин — Solana тармоғида ишга туширилган. Coinmarketcap маълумотларига кўра, дастлабки даврда нарх кескин кўтарилиб, TRUMP энг юқори нуқтада 75 доллардан ошган, MELANIA эса қарийб 14 долларгача етган.