Омбудсман колониядаги Мубашшир Аҳмад ҳолатини текширди
Сўнгги кунларда Навоий вилояти Қизилтепа туманида жойлашган 5-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган диний уламо А.Турсунов (Мубашшир Аҳмад)нинг соғлиги билан боғлиқ турли хабарлар тарқалган эди. Шу ҳолат жамоатчиликда саволлар уйғотгани oртидан масала расмий тарзда ўрганилди.
Мазкур маълумотлар асосида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) Навоий вилоятидаги минтақавий вакили колонияга мониторинг ташрифини амалга оширди. Ташриф давомида муассасада жазо ўтаётган маҳкум А.Т. (Мубашшир Аҳмад)нинг соғлиги ва сақланиш шароити диққат билан кўриб чиқилди.
Мониторинг жараёнида маҳкумлар билан, жумладан А.Т. билан ҳам ҳоли тарзда суҳбат ўтказилди. Шунингдек, унинг соғлиғига доир тиббий ҳужжатлар билан танишилди.
Суҳбатда А.Т. муассасада тиббий ёрдам кўрсатилиши бўйича шикояти йўқлигини билдирган. Унинг айтишича, у мунтазам тарзда тўлиқ тиббий текширувдан ўтказиб келинмоқда. Шу билан бирга, аввалдан мавжуд бўлган касалликлари сабаб соғлиғида айрим ўзгаришлар кузатилаётганини, аммо тегишли тиббий ёрдам олаётганини қайд этган.
Шунингдек, маҳкум ўз хоҳишига кўра меҳнатга жалб этилганини (ошхона ишлари билан шуғулланиши) айтган. У қонунчиликда белгиланган вақтлардан ташқари ортиқча меҳнатга жалб этилмагани, иш шароити эса меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мос эканини таъкидлаган.
Озиқ-овқат таъминоти ва яшаш шароити бўйича ҳам шикоят билдирилмаган. А.Т. сўзларига кўра, соғлиғини инобатга олган ҳолда унга белгиланган норма бўйича озиқ-овқат берилади.
Маҳкум билан ўтказилган ҳоли суҳбатда у ҳеч қандай масала юзасидан мурожаат қилмаган.
Эслатиб ўтиш жоиз: омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ушбу муассасага 2025 йил ноябрь ва декабрь ойларида ҳам мониторинг ташрифлари амалга оширилган бўлиб, ўша пайтларда ҳам маҳкум А.Т. томонидан мурожаатлар келиб тушмагани қайд этилган.
Қисқаси, тарқалган хабарлар ортидан ҳолат жойига чиқиб текширилди, маҳкумнинг ўзи билан ҳам бевосита суҳбат ўтказилди ва ҳужжатлар кўриб чиқилди. Энди муҳими — бундай масалаларда ҳар қандай гап-сўз эмас, айнан расмий мониторинг ва очиқ текширув натижалари асос бўлиб қолаверади.