Нетаняҳу ва Ар-Риёд босими Трампни зарбадан қайтарди — Axios
АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эронга ҳарбий зарба беришдан тийилиш қарорига Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг огоҳлантириши таъсир қилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Axios портали америкалик ва исроиллик мулозимларга таяниб хабар берди.
Нашр ёзишича, 14 январ куни — Вашингтонда Эронга зарба берилиши мумкин деган кутилишлар кучайган пайтда — Трамп ва Нетаняҳу телефон орқали мулоқот қилган. Суҳбатда Исроил раҳбари эҳтимолий оқибатларни жуда очиқ қўйган: агар АҚШ зарба берса, Эроннинг жавоб ҳужуми бўлиши эҳтимоли юқори, Исроил эса бундай сценарийга тўлиқ тайёр эмас.
Axios манбаларига кўра, Нетаняҳу яна бир муҳим нуқтани урғулаган: Эрон ракеталари ва дронларини тўсиб қолишда Исроилга ёрдам бериш учун минтақада АҚШ кучлари етарли даражада жойлаштирилмаган бўлиши мумкин. Шунингдек, у АҚШнинг ўша пайтдаги режаси “етарлича таъсирли эмас” ва кутилган натижани бермаслиги ҳақида ҳам фикр билдиргани айтилмоқда.
Бу фақат Тель-Авивнинг позицияси билан чекланмаган. Axios хабарида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳам Трампни зарба беришдан қайтаришга урингани қайд этилади. Мантиқи оддий: зарба — минтақадаги барқарорликни янада ёмонлаштириши, катта кескинлик занжирини ишга тушириши мумкин.
Натижада қарорни шакллантирган “коктейл” бир неча омилдан тузилгани айтилмоқда: ҳудуддаги ҳарбий ресурслар чеклангани, Исроил ва Саудиянинг огоҳлантиришлари, Трамп атрофидаги маслаҳатчиларнинг хавотирлари ҳамда эронликлар билан норасмий каналлар орқали юритилган махфий мулоқотлар. Шу фон ортида “ҳужум буйруғи” чиқмаган — бир сўз билан айтганда, тугмага бармоқ яқин келган, лекин босилмаган.
Бу воқеалар Эрондаги норозилик намойишлари кескинлашган даврга тўғри келган: Трамп олдинроқ вазият фонида куч ишлатиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаган эди. Лекин 14 январ атрофидаги реал ҳарбий-сиёсий ҳисоб-китоблар, кўринади-ки, “ҳозир эмас” деган қарорни олдинга сурган.
Энг муҳими: бу тарих “тамом бўлди” дегани эмас. Axios қайдича, Вашингтонда зарба варианти келажакда яна кун тартибига қайтиши мумкин — барчаси майдондаги вазият ва сиёсий қарорлар қандай ўзгаришига боғлиқ.