«Наполи» Амир Ррахмани билан шартномани узайтирмоқчи
Албаниялик ҳимоячи Амир Ррахмани сўнгги йилларда «Наполи» мудофаасининг асосий таянчларидан бирига айланди. Шу сабаб клуб раҳбарияти футболчи билан амалдаги битим муддатини узайтириш бўйича иш олиб бормоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ҳозирги шартнома 2027 йил ёзигача мўлжалланган. Tuttomercatoweb хабарига кўра, янги келишув узоқ муддатли бўлмайди: режа бўйича битим бир йилга узайтирилади ва 2029 йилгача давом этиши мумкин бўлган опция ҳам қўшилади — ўша пайтда Ррахмани 35 ёшга тўлади.
Манбада ҳимоячининг кутилаётган маоши ҳам тилга олинган: у бир мавсум учун 4 миллион евро атрофида бўлиши кўзда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳозир «Наполи» А Серия турнир жадвалида учинчи ўринда бормоқда.