Бир йилда камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизгача пасайди
Сўнгги бир йил давомида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида 366 минг оила камбағалликдан чиқди. Бу эса мамлакатда камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизгача пасайганини кўрсатмоқда. Шунингдек, ишсизлик кўрсаткичи ҳам 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу натижалар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси бўлиб, давлат билан халқ ўртасидаги ўзаро ишонч тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, ҳали олдимизда бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳам кам эмас. Шу боис 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниб, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича кенг кўламли режалар белгиланди.
Қайд этилишича, маҳалла — ислоҳотлар қаерда самара бергани ёки қаерда тўхтаб қолганини аниқ кўрсатиб берувчи муҳим бўғиндир. Агар маҳаллада ишсиз фуқаролар ёки камбағал оилалар сақланиб қолган бўлса, демак, ислоҳотлар у ерга тўлиқ етиб бормаган. Шунингдек, “еттилик” ёки банк тизими одамлар муаммосини ҳал қила олмаётган бўлса, бу жойда тизим ишламаётганидан дарак беради.
Давлат раҳбари ҳеч бир вазир, ҳоким ёки банкир “еттилик”ни баҳона қилишга ҳақли эмаслигини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, етарлича имконият, маблағ, қарор ва дастурлар мавжуд. Етишмаётган эса — масъулият ва шахсий жавобгарликдир.