ПСЖ Осерни қийинчилик билан синдириб, уч очкони олди
Франция чемпионатининг 19-турида ПСЖ сафарда Осер билан тўқнаш келди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашув бошида Хвича Кварацхелия рақиб жарима майдони марказига ёриб кириб, қарор қабул қилишни чўзиб юборди ва унинг зарбаси бурчак тўпига йўналтирилди. Жавоб ҳужумида Лассина Синайоко ўнг қанотдан узатма берди, бироқ манзилсиз чиқди. Орадан кўп ўтмай Кевин Дануа жарима майдонининг чап томонидан хавфли урди, лекин тўп дарвозага бормади.
ПСЖ бурчак тўпида яна яқин келди: Кварацхелия узатган тўпни Гонсалу Рамуш бош билан дарвозага йўллади, аммо посбон қайтарди. Витинья чап томондан зарба берди — ҳимоячилар тўсди, жарима майдонида тўп бир муддат сарсон бўлиб қолди. Эпизод якунида Ибраим Мбае жарима майдони ташқарисидан кескин тепди, дарвозабон яна ишончли ҳаракат қилди.
Иккинчи бўлимда Бредли Баркола жарима майдони олдидан зарба йўллаб, чап пастки бурчакка аниқ уролмади. Осер ҳам хавфли жавоб қайтарди: Денни Намасо жарима майдони яқинидан урди, тўп ПСЖ дарвозасининг ўнг «тўққизлиги» ёнидан ўтиб кетди. Кварацхелия жарима чизиғи атрофидан тепган тўп эса рикошетдан сўнг бурчакка чиқиб кетди.
Кейинги дақиқаларда Осер бир неча бор имконият топди: Синайоко шериги билан девор ўйнаб, яқин бурчакка йўллаган зарбада нишонни тополмади. ПСЖнинг энг қулай вазиятларидан бирида Усмон Дембеле ўнг ярим қанотдан Барколага жуда аниқ пас узатди, бироқ Баркола ажойиб ҳолатда тўпни дарвоза тўрининг устки қисмига «қўндириб» қўйди. Осер ҳам стандартдан хавф туғдирди: диагонал узатмада Усамма эл-Аззузи ҳаводаги курашда устун келиб бош билан урди, лекин тўп устун ёнидан ўтиб кетди.
ПСЖ ҳужуми давом этди: Баркола чап қанотда дарвозабонни алдаб ўтди, бироқ бўш дарвозани нишонга олиш учун қолган Дезире Дуэ яқин бурчакқа аниқ ура олмади. Ҳал қилувчи вазият 79-дақиқада юз берди: ўз дарвозаси ёнидаги бурчакдан кейин парижликлар тезкор қарши ҳужум уюштурди, Дембеле Баркoлани бирга-бирга чиқариб юборди ва у дарвозабон оёғидан қайтган тўпни дарвозага киритди — 0:1.
Шу тариқа ПСЖ ғалабалар сериясини давом эттириб, яна турнир жадвалида пешқадамликни қайтариб олди. Осер эса сўнгги ўринлар зонасида қолмоқда.