АҚШ Венесуэлада қўллаган “сирли қурол” тафсилотлари маълум бўлди
АҚШнинг Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олиш билан боғлиқ шов-шувли амалиёти атрофида янги даъволар пайдо бўлди. New York Post нашри суҳбатлашган гувоҳлар АҚШ ҳарбийлари “сирли қурол” ишга туширганини, у эса “интенсив товуш тўлқини”га ўхшагани ҳақида айтган.
Гувоҳлар сўзларига кўра, қурол таъсири бир неча сония ичидаёқ бошда қаттиқ оғриқ, кўнгил айниши ва умумий ҳолсизлик каби аломатларни келтириб чиқарган. Айримлар бурнидан қон келганини ҳам таъкидлаган. Нашр даъволарида ҳатто “ерга йиқилиб қолдик, қимирлашга мажол қолмади” мазмунидаги гаплар келтирилади.
Эътиборлиси, New York Post Трампнинг ўзи бу ҳақдаги интервьюсида амалиёт вақтида номини “дискомбобулятор” деб атаган восита қўлланилганини айтганини ёзади. Бироқ қуролнинг айнан нима экани, у қандай технологияга асослангани ва расмий идоралар томонидан тасдиқланган-таcдиқланмагани очиқ қолмоқда.
Шу ўринда асосий фактлар шундан иборатки, халқаро ОАВларда АҚШ махсус амалиёти натижасида Мадуро ва унинг рафиқаси қўлга олингани, кейин эса АҚШга олиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Мазкур воқеалар тафсилотлари, амалиёт кўлами ва сиёсий оқибатлари ҳақида турли нашрлар алоҳида ёритмоқда.
Шунинг учун, “сирли товуш қуроли” ҳақидаги гаплар ҳозирча гувоҳлар баёноти ва таблоид нашрнинг версияси сифатида қаралмоқда: у ҳақда мустақил тасдиқ ва расмий техник изоҳ йўқ. Лекин барибир бу мавзу катта резонанс беряпти — чунки агар ҳақиқатдан ҳам шундай восита қўлланган бўлса, у халқаро ҳуқуқ, хавфсизлик ва инсон саломатлиги нуқтаи назаридан янги саволларни ўртага қўяди.
Қисқаси, бу воқеада “треш” кўп, лекин фактлар билан эҳтиёт юриш керак: бир томонда — катта геосиёсий воқеа, иккинчи томонда — ҳали исбот талаб қиладиган даъволар.