Ўзини “орган ходими” деб таништирганлар товламачиликда гумон қилинмоқда
ДХХ матбуот хизмати хабарига кўра, Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманида яшовчи 1995, 1998 ҳамда 2002 йилларда туғилган уч нафар шахс қўлга олинди. Улар Андижон туманида истиқомат қилувчи, 2004 йилда туғилган ва крипто-активлар билан шуғулланувчи фуқарони автомашинага мажбуран ўтқазиб, ўзларини гўёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари сифатида таништиргани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, гуруҳ аъзолари товламачилик йўли билан жабрланувчининг 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги криптовалютасини ўзлаштириб олган. Эвазига улар фуқарога 160 минг қалбаки АҚШ доллари беришга урингани қайд этилган.
Тезкор тадбир давомида сохта “ходимлар” ушланиб, уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 176-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.