Истанбулда даҳшатли қотиллик: ўзбек қизининг жасади топилди
2026 йил 24 январь куни Истанбул шаҳрининг Шишли туманида даҳшатли ҳолат қайд этилди. Соат 19:40 атрофида чиқиндилар орасидан буюм териб юрган фуқаро контейнер ичида ўралган, бош қисми мавжуд бўлмаган жасадни аниқлаб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган.
Олиб борилган дастлабки текширувлар натижасида марҳуманинг шахси Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ҳакимова Дурдона экани маълум бўлди.
Маълумотларга кўра, ушбу жиноятга алоқадор деб гумонланаётган Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси Туркия ҳудудини тарк этиб, Грузияга қочишга уринаётган пайтда қўлга олинган.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси марҳуманинг яқинлари билан боғланиб, зарур консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда. Ҳодиса юзасидан олиб борилаётган суриштирув ва тергов ишлари дипломатик идора назорати остига олинган.