Буффон Италия ЖЧга чиқишига ишончи комил
Италия терма жамоаси Жаҳон чемпионатига йўлланма масаласини плей-оффдаги ўтиш ўйинлари орқали ҳал қилади. Март ойида бўладиган ушбу баҳслардан сўнг италияликлар июндаги мундиалда қатнашадими-йўқми, аниқ бўлади — ҳозирча йўлланма кафолатланмаган. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Шунга қарамай, “скуадра адзурра”нинг собиқ дарвозабони Жанлуижи Буффон терма жамоа муваффақиятига заррача шубҳа қилмаяпти. Унинг таъкидлашича, Италиянинг таркиби кучли, мураббийи эса ўзига хос, федерация ҳам натижа учун бор имконини ишга солмоқда.
“Терма жамоамиздан шубҳаланаманми? Бизда кучли таркиб ва алоҳида мураббий бор, федерация эса муваффақият учун қўлидан келганини қилмоқда. Энг муҳими — ғалаба учун ўйнаш. Майдонга шундай тушиш керакки, кейин ҳеч нарсадан афсусланиб қолмайсан”, — дея Буффоннинг сўзларини calcionapoli1926.it келтирди.
Италия охирги бор 2006 йилда Жаҳон чемпиони бўлган.