«Барселона» ҳакамлик юзасидан федерацияга расмий шикоят юборди
Испания Кубогида «Атлетико»дан 0:4 ҳисобида ютқазган «Барселона» ҳакамлик масаласи бўйича Испания қироллик футбол федерациясига расмий шикоят йўллади. Бу ҳақда клубнинг расмий манбалари хабар берди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Қайд этилишича, клуб томонидан юборилган мактуб Федерация президенти, Ҳакамлар техник қўмитаси раҳбари, VAR тизими учун масъул шахс ҳамда юридик йўналиш директори номига йўналтирилган.
Шикоятда «Барселона» бир нечта муҳим масалаларга урғу берди: ҳакамлик мезонларида изчиллик етишмаслиги, қўл билан ўйнаш эпизодларига турлича талқинлар, VARдан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигига доир саволлар, шунингдек ҳакамни монитор олдига чақириш мезонлари.
Клуб баёнотида бу қадам ҳакамлар корпусининг профессионаллигига шубҳа билдириш учун эмас, балки амалда қўлланаётган мезонларни зудлик билан қайта кўриб чиқиш заруратини кўрсатиш учун ташланганини таъкидлади. «Барселона»нинг фикрича, бу ўзгаришлар қарорлар изчиллигини, барча клубларга тенг муносабатни ҳамда мусобақаларнинг обрўйи ва ишончини сақлаб қолишни таъминлаши керак.
Шунингдек, «Барселона» шаффофликни кучайтириш учун ҳакамлар ва VAR ўртасидаги барча аудиоёзувларни оммага эълон қилишни талаб қилмоқда.
«Барселона»нинг навбатдаги учрашуви 16 февраль куни «Жирона»га қарши бўлиб ўтади.