«Ал Наср» бош мураббийи Роналдуга дам берилганини айтди
«Ал Наср» бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналду нега навбатдаги учрашувда майдонга тушмаслигини изоҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ар-Риёд жамоаси чоршанба куни ОФК Чемпионлар лигаси доирасида «Аркадаг»га қарши ўйнайди. Юлдузли португалиялик ҳужумчи бойкотдан сўнг яқин орада сафга қайтиши кутилаётганди, бироқ бу баҳсда ҳам у рўйхатда бўлмайди.
Жезушнинг таъкидлашича, зич тақвим сабаб Роналду ва асосий таркибдаги яна бир қатор футболчиларга дам бериш ҳақида қарор қабул қилинган. Мураббий бу қарорни олдинда «Ал Фатеҳ»га қарши муҳим ўйин борлиги билан изоҳлади.
Al Nassr Zone келтирган иқтибосда, Жезуш Роналдуга дам берилиши янгилик эмаслигини ҳам қўшимча қилган: у Саудия Арабистонидан ташқарида ўтказиладиган ўйинларда аввал ҳам бир неча бор иштирок этмаган.
Саудия чемпионатидаги «Ал Фатеҳ» — «Ал Наср» учрашуви шанба, 14-февраль куни бўлиб ўтади.