Telegram мессенжерида яна янги функция жорий этилади
Telegram'да яна бир янги функция ишга туширилади. Бу ҳақда “Beta Info” ахборот берди.
Маълум қилинишича, ушбу янгилик орқали шахсий ёзишмалардаги хабарларни кўчириш имконияти чекланади. Айни пайтда фақат каналларда хабарларни нусхалашни блоклаш мумкин эди. Яқин орада ушбу имконият шахсий хабарларда ҳам амал қила бошлайди.
Шундай қилиб, фойдаланувчилар энди нафақат контактларининг хабарларни кўчириб олишини, балки шахсий суҳбатлардаги контентни сақлаш ёки бошқа жойга юборишини ҳам чеклаш имконига эга бўлади.
Нусхалашдан ҳимояни фаоллаштириш учун контакт профилига кириб, “Контактни таҳрирлаш” – “Нусхалашни блоклаш” функциясини танлаш талаб этилади.
Айни дамда мазкур функция Telegram’нинг iOS учун бета версиясида – 12.5 (32413) талқинида мавжуд. Бироқ ҳозирча у тўлиқ иш режимга туширилмаган.