Роналду дублидан кейин келажаги ҳақида гапирди
“Ал-Наср” ҳужумчиси Криштиану Роналду Саудия Арабистони чемпионатида “Ал-Ҳазм”га қарши ўйиндан сўнг (4:0) журналистлар саволларига жавоб берди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
41 ёшли португалиялик футболчи ушбу учрашувда икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди ва ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди. Беллашув якунида у келажаги борасида ҳам фикр билдирди.
“Буни аввал ҳам кўп марта айтганман: менинг келажагим Саудия Арабистони билан боғлиқ. Бу ерда ўзимни бахтли ҳис қиляпман ва қолишни хоҳлайман”, — дея Роналду сўзларини келтиради Al Nassr Zone.
Эслатиб ўтамиз, ой бошида Роналду клуб раҳбарияти ишидан норози бўлгани сабаб жамоасининг айрим ўйинларида қатнашмаганди. Кейинроқ у майдонга қайтди ва кетиши ҳақидаги гап-сўзларни рад этди.