Схипхол аэропортида KLMнинг икки самолёти тўқнашди — расмий хабар
Амстердамдаги Схипхол аэропорти ҳудудида KLM авиакомпаниясига тегишли икки ҳаво кемаси иштирокида ҳодиса юз берди. Бу ҳақда ANP ахборот агентлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, воқеа вақтида самолётлардан бири ҳаракатсиз ҳолатда бўлган. Иккинчи самолёт эса эвакуатор ёрдамида сурилаётган пайтда унга урилиб кетган.
Айни дамда ҳодисанинг барча жиҳатлари ўрганилмоқда. Мутахассислар ҳар икки самолётни ҳам тўлиқ техник кўрикдан ўтказишмоқда.
KLM вакилининг билдиришича, компания тегишли идоралар билан ҳамкорликда ҳодиса сабабларини аниқламоқда ва самолёт хизматга қайтарилишидан олдин синчков текширув ўтказилади.
Маълумотларга кўра, рейслардан бири Афина шаҳрига учиб кетиши режалаштирилган бўлган. Иккинчи самолёт эса бироз олдин Бирмингемдан қўниб келган.
Ҳодисадан кейин ҳар икки самолётда бўлган йўловчилар ва экипаж аъзолари дарвозаларга қайтарилган. Авиакомпания барча йўловчилар зудлик билан муқобил рейсларга қайта бронь қилинганини тасдиқлади.