Тошкентда маст ҳолда жанжал чиқарган шахс қамоққа олинди
Тошкент шаҳрида жамоат жойида алкоголли ичимлик истеъмол қилиб, фуқаролар осойишталигини бузган 35 ёшли эркакка нисбатан маъмурий жазо қўлланилди. Бу ҳақда Qalampir нашри суд ҳужжатларига таяниб хабар қилди.
Маълум қилинишича, жорий йил 20 феврал куни соат тахминан 10:00 ларда М.Қ. Миробод тумани ҳудудида маст ҳолда бақир-чақир қилиб, атрофдагиларни ҳақоратлаган ва жамоат тартибини қасддан бузган. Шу билан бирга, у ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш ва ИИБга бориш ҳақидаги қонуний талабларига ҳам бўйсунмаган.
Текширув давомида фуқаронинг ўзи билан қонунга хилоф равишда тиғли совуқ қурол олиб юргани ҳам аниқланган.
Ушбу иш жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида кўриб чиқилиб, судда ҳуқуқбузар айбига тўлиқ иқрор бўлган ва қилган ишидан пушаймон эканини билдирган.
Суд қарори билан у майда безорилик, жамоат жойида алкогол истеъмол қилиш, тақиқланган ашёларни ноқонуний олиб юриш ҳамда ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармасликда айбли деб топилиб, 10 сутка маъмурий қамоқ ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари — 2 миллион 60 минг сўм жарима жазосига тортилди.