«Ювентус» 2019 йилдан бери Чемпионлар лигасида чоракфиналга чиқа олмаяпти
«Ювентус» Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида «Галатасарай»дан ўта олмади. Лучано Спаллетти бошқарувидаги туринликлар сафарда 2:5 ҳисобида мағлуб бўлди, уй учрашувида эса 120 дақиқа якунига кўра 3:2 ғалаба қозонди. Асосий вақт тугагач «қари синьора» 3:0 ҳисобида олдинда бораётганди, аммо бу камбек йўлланма учун етарли бўлмади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Европанинг топ клубларидан бири бўлиб қолаётган «Ювентус» 2019 йилдан бери Чемпионлар лигасида чоракфиналгача ҳам етиб бора олмаяпти. Турин жамоасининг сўнгги йиллардаги натижалари шуни кўрсатади.
2019/2020 мавсум: 1/8 финалда «Лион»га ютқазди;
2020/2021 мавсум: 1/8 финалда «Порту»га имкониятни бой берди;
2021/2022 мавсум: 1/8 финалда «Вильярреал»га мағлуб бўлди;
2022/2023 мавсум: гуруҳ босқичи якунида мусобақани тарк этди;
2023/2024 мавсум: еврокубокларда иштирок этмади;
2024/2025 мавсум: плей-офф йўлланмаси учун стик раундда ПСВга ютқазди;
2025/2026 мавсум: стик раундда «Галатасарай» тўсиғидан ўта олмади.