Димарко Чемпионлар лигасидан кейинги асосий мақсадларини айтди
Миланнинг «Интер» клуби чап қанот ҳимоячиси Федерико Димарко Чемпионлар лигасидаги муваффақиятсизликдан сўнг олдига қўйган режаларини очиқлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
«Нерадзуррилар» Европанинг энг нуфузли турнирида йўлини плей-оффнинг саралаш босқичида тўхтатди: норвегиялик «Будё-Глимт»га икки ўйин натижасига кўра 2:5 ҳисобида имкониятни бой берди.
28 ёшли футболчи Sky Sport билан суҳбатда мавсум ҳар доим бир хил кечмаслигини таъкидлаб, ўзи учун икки катта мақсадни белгилади: «Мен доимгидек тинимсиз ишлаяпман. Баъзан мавсум жуда яхши ўтади, баъзан эса ҳаммаси ҳам ўхшамайди. Менинг истакларим? Скудеттога эришишни ва Италия терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига чиқишни хоҳлайман. Бу шунчаки орзу эмас — албатта бажарилиши керак бўлган мақсадлар», деди Димарко.
Айни пайтда «Интер» А Серия турнир жадвалида ишончли пешқадам: 26 турдан кейин иккинчи ўриндаги «Милан»дан 10 очко олдинда бормоқда.