РФС Россия терма жамоаси ўйинлари ўтказиладиган шаҳарларни изоҳлади
Россия футбол иттифоқи (РФС) бош котиби Максим Митрофанов терма жамоанинг Никарагуа ва Мали билан ўртоқлик учрашувлари нега мос равишда Краснодар ҳамда Санкт-Петербургда ўтказилишини тушунтирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Митрофановнинг сўзларига кўра, қарор қабул қилишда бир нечта омиллар, жумладан иқлим шароити ҳам инобатга олинган. Мақсад — жамоа тайёргарлиги ва ўйинларни имкони борича қулай муҳитда ташкил этиш, шу билан бирга мухлисларга футбол байрамини тақдим этиш. У “Match TV”га берган изоҳида ҳар икки шаҳарда ҳам бу вазифа уддаланишига ишонч билдирди.
Россия — Никарагуа учрашуви 27 март куни Краснодарда бўлиб ўтади, Мали терма жамоасига қарши баҳс эса 31 март куни Санкт-Петербургда ўтказилади. Қайд этилишича, россияликларга рақиб бўладиган ҳар икки терма жамоа ҳам 2026 йил Шимолий Америкада ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олмаган.