Луис Энрике Сафоновни яна мақтаб, ПСЖ муаммоларини айтди
ПСЖ бош мураббийи Луис Энрике Лига 1нинг 24-турида «Гавр»га қарши ўйиндан кейин жамоа ўйинига баҳо берди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Парижликлар сафарда минимал ҳисобда — 1:0 — ғалаба қозонди. Учрашувдаги ягона гол муаллифи Бредли Баркола бўлди.
Энрикенинг таъкидлашича, ПСЖ ҳозир мураккаб даврни бошдан кечирмоқда: жамоа аниқ вазиятларни кўп бой беряпти, шунингдек, 11 метрлик жарималардан ҳам унумли фойдалана олмаяпти. Мутахассис таркибда сифатли дарвозабонлар ҳам, ҳужумчилар ҳам борлигини алоҳида қайд этди.
Учрашувни Матвей Сафонов асосий таркибда бошлади ва дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Ғалабадан сўнг ПСЖ 57 очкога етди ва иккинчи ўриндаги «Ланс»дан 4 очкога узоқлашди.
Россиялик посбон 2025/2026 йилги мавсумда барча мусобақаларда 12-ўйинини ўтказди: у бу учрашувларда 12 та гол ўтказиб юборган, 5 баҳсда эса «нол» қайд этган.