Исроил 2-босқичда Эроннинг ерости ракета нишонларига зарба бермоқда...
Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти янги босқичга ўтгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Reuters манбаларига кўра, операциянинг иккинчи қисмида асосий эътибор ер остида жойлашган баллистик ракета иншоотлари, бункерлар ва уларга боғлиқ инфратузилмани йўқ қилишга қаратилган. Бу, аввало, Эроннинг узоқроқ муддатли зарба имкониятларини издан чиқаришга қаратилган қадам сифатида баҳоланмоқда.
5 март куни ЦАҲАЛ ҳам Теҳрон атрофидаги зарбалар ҳақида баёнот бериб, Эрон томонидан баллистик ракеталарни сақлаш ва самолётларга қарши қўллаш учун мўлжалланган ракета омборлари билан боғлиқ ер ости объектига ҳужум қилинганини маълум қилди. Шунингдек, ракета мажмуаси инфратузилмаси ҳам нишонга олингани қайд этилмоқда.
Хабарларга кўра, биринчи босқичда асосий зарбалар қуруқликдаги, яъни очиқ ёки ярим очиқ жойлашган юзлаб ракета воситаларига қаратилган. Reuters таъкидлашича, булар Исроил шаҳарларига ҳужум қилишда ишлатилиши мумкин бўлган тизимлар эди. Энди эса иккинчи босқичда ер остида сақланаётган баллистик ракеталар, ускуналар ва мустаҳкамланган омборларга босим кучайтирилмоқда.
Бу ўзгариш бежиз эмас. Манбалар таҳлилига кўра, Исроилнинг мақсади Эроннинг ҳарбий салоҳиятини босқичма-босқич сусайтириш, айниқса ракета қувватини тизимли равишда заифлаштиришдан иборат. Яъни ҳозирги ҳужумлар фақат бир марталик жавоб эмас, балки узоқроқ ҳисоб-китоб қилинган стратегиянинг давоми сифатида кўрилмоқда.
Эроннинг ракета захираси бўйича баҳолар эса турлича. Reuters ва Economic Times келтирган рақамларга кўра, Исроил ҳарбийлари бу арсенални тахминан 2,500 та деб баҳоламоқда, бошқа таҳлилчилар эса бу кўрсаткични 6,000 тагача деб ҳисоблайди. Ана шу фарқнинг ўзи ҳам можаронинг кейинги ривожи қай даражада кескин бўлишини белгилаб бериши мумкин.
Қисқаси, вазият оддий эмас: биринчи тўлқинда юзадаги нишонлар йўқ қилинган бўлса, энди навбат Эроннинг энг ҳимояланган ерости ракета нуқталарига келган. Демак, можаро нафақат давом этяпти, балки янада чуқурроқ ва хавфлироқ босқичга ўтмоқда.