"Реал Мадрид" "Манчестер Сити" билан ўйинга жиддий йўқотишлар билан чиқади
Европа Чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичи доирасида бўлиб ўтадиган "Реал Мадрид" ва "Манчестер Сити" ўртасидаги дастлабки тўқнашув олдидан Мадрид клуби мухлислари учун нохуш хабар тарқалди. Жамоанинг икки асосий юлдузи — ҳужумчи Килиан Мбаппе ва яримҳимоячи Жуд Беллингем ушбу муҳим баҳсни ўтказиб юбориши кутилмоқда. Бу ҳақда таниқли журналист Марио Кортегана ўз ижтимоий тармоқларида маълум қилди.
Клуб тиббиёт штаби футболчиларни таваккал қилмасликка қарор қилган. Асосий мақсад — уларни жавоб ўйинига қадар тўлиқ соғломлаштириш ва сафга қайтаришдир. Маълумотларга кўра, Мбаппенинг чап тиззасидаги пайларида чўзилиш кузатилган, Беллингем эса сон қисмидаги оғриқлар сабабли машғулотларда тўлиқ қатнаша олмаяпти. Жуднинг майдонга қайтиши бўйича дастлабки прогнозлар 22 март куни бўлиб ўтадиган "Атлетико"га қарши дербини кўрсатмоқда.
Эндиликда "Реал Мадрид" бош мураббийи Альваро Арбелоа олдида мураккаб вазифа турибди. Жамоа ўзининг асосий ижодкорлари ва тўпурарисиз "Манчестер Сити" каби кучли рақибга қарши қандай тактикани танлаши барчани қизиқтирмоқда. "Қироллик клуби" учун бу йўқотишлар жиддий синов бўлиши шубҳасиз, бироқ клуб шифокорлари футболчиларнинг узоқ муддат сафдан чиқмаслиги учун эҳтиёткорлик чораларини кўришни афзал кўрмоқда.