Туркияда даҳшатли ҳодиса ўқитувчи ўқувчиси қўлида ҳалок бўлди
2 март куни Истанбулдаги Борса касб-ҳунар ва техника Анадолу лицейида мудҳиш воқеа юз берди. 17 ёшли ўқувчи Ф.С.Б. пичоқ билан ҳужум қилиб, биология ўқитувчиси Фотима Нур Челикни ўлдирди. Ҳужум оқибатида яна бир ўқитувчи ва бир ўқувчи жароҳат олди.
Маълумотларга кўра, гумонланувчи воқеадан икки кун олдин руҳий хасталиклар шифохонасидан чиққан. У мактаб жадвалини текшириб, Фотима Нурнинг қаерда бўлишини олдиндан аниқлаган. Ҳодиса куни эса синфга кириб, аввал ўқитувчига, кейин уни тўхтатмоқчи бўлганларга ҳужум қилган.
Эътиборлиси, марҳума ўқитувчи аввалроқ ҳам айнан шу ўқувчи ҳақида Интизом қўмитасида гапириб, “ҳаётимиз хавф остида” дея огоҳлантиргани айтилмоқда.
Ҳодисадан кейин мактабда дарслар бир кунга тўхтатилди, хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Туркиянинг 81 вилоятида ўқитувчилар “Мактабда ўлмоқчи эмасмиз” шиори остида бир кунлик иш ташлаш акцияси ўтказди.
Туркия Адлия вазири Акин Гурлек ва Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бу ҳодисани кескин қоралаб, айбдорлар жазосиз қолмаслигини билдирди. Марҳума ўқитувчи Фотима Нур эса туғилган шаҳри Коняда сўнгги манзилга кузатилди.
Бу воқеа Туркияда ёшлар орасидаги руҳий босим, ижтимоий таранглик ва мактабларда хавфсизлик масаласи янада жиддий эътибор талаб қилаётганини кўрсатди.