Эрон телевидениеси футболчи қизларни қатл этишни талаб қилмоқда
Осиё Кубогида иштирок этган Эрон аёллар терма жамоаси аъзолари ватанига қайтиш арафасида жиддий хавф остида қолди. Бунга сабаб сифатида футболчиларнинг мусобақа давомида ўз мамлакатидаги вазиятга нисбатан билдирган норозилик намойишлари кўрсатилмоқда. Хусусан, Жанубий Кореяга қарши ўйин олдидан қизлар давлат мадҳиясини куйлашдан бош тортишган бўлса, Австралия билан баҳсда ҳарбийча салом бериш орқали ўз норозиликларини изҳор этишган эди.
Эрон давлат телевидениеси ушбу ҳаракатларни кескин қоралаб, футболчиларни "уруш хоинлари" деб атади ва уларга нисбатан қатъий жазо чораларини кўришни талаб қилмоқда. Маҳаллий қонунчиликка кўра, бундай айбловлар тасдиқланса, спортчи қизлар ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкинлиги халқаро ҳамжамиятда, хусусан FIFPRO ташкилотида катта хавотир уйғотди.
Гуруҳ босқичидаги барча ўйинларда мағлубиятга учраган Эрон терма жамоаси турнирни муддатидан аввал тарк этган эди. Ҳозирда футболчиларнинг хавфсизлиги ва уларнинг келгуси тақдири бутун дунё спорт жамоатчилиги диққат марказида турибди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар вазиятни яқиндан кузатмоқда.