Олимлар Ой тупроғида нўхат етиштиришга муваффақ бўлишди
Америкалик олимлар тарихда илк бор Ой тупроғига ўхшаш сунъий муҳитда нўхат етиштиришга эришдилар. Техас ва А&М университетлари мутахассислари томонидан ўтказилган ушбу тажриба натижалари Сcиентифиc Репортс журналида эълон қилинди. Бу кашфиёт келажакда космик миссиялар давомида астронавтларнинг озиқ-овқат таъминотини йўлга қўйишда муҳим қадам бўлиши мумкин.
Маълумки, Ой реголити Ер тупроғидан кескин фарқ қилади. Унда ўсимликлар ўсиши учун зарур бўлган органик моддалар ва фойдали микроорганизмлар деярли йўқ. Бундан ташқари, таркибидаги оғир металлар ўсимликлар учун заҳарли ҳисобланади. Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун тадқиқотчилар мураккаб усулни қўллашди. Улар сунъий реголитга ёмғир чувалчанглари ёрдамида тайёрланган вермикомпост қўшишди. Шунингдек, нўхат уруғлари экилишидан аввал махсус микориза замбуруғлари билан ишловдан ўтказилди. Бу замбуруғлар ўсимликка озуқа моддаларини ўзлаштиришга ёрдам бериб, зарарли металларнинг сўрилишига тўсқинлик қилди.
Тажриба шуни кўрсатдики, таркибида 75 фоизгача Ой реголити бўлган тупроқ аралашмаси нўхат ўсиши учун энг мақбул муҳит бўлиб чиқди. Айнан шу шароитда ўсимликлар тўлиқ етилиб, ҳосил берди. Бироқ олимлар ҳали иш якунлангани йўқ деб ҳисоблашмоқда. Тадқиқотнинг етакчи муаллифи Жессика Аткиннинг таъкидлашича, эндиликда етиштирилган ҳосилнинг инсон саломатлиги учун хавфсизлиги ва озуқавий қийматини чуқур ўрганиш талаб этилади. Олимлар нўхат таркибида заҳарли металлар тўпланиб қолмаганини ва у астронавтлар учун етарли даражада фойдали эканлигини аниқлашлари керак.