Сунъий интеллект меҳнат бозорига қандай таъсир кўрсатмоқда
Антҳропиc компанияси томонидан ўтказилган янги тадқиқот AIнинг меҳнат бозоридаги ҳақиқий ўрни унинг назарий имкониятларидан анча паст эканлигини кўрсатди. Мутахассислар "кузатиладиган таъсир" деб номланган янги кўрсаткични жорий этиб, тил моделларининг салоҳияти ҳамда уларнинг реал иш жараёнларидаги фойдаланиш статистикаси ўртасидаги тафовутни таҳлил қилишди. Бу ҳақда devby.io хабар беради.
Тадқиқот натижаларига кўра, AI компьютер ва математика соҳасидаги вазифаларнинг 94 фоизини тезлаштириш имконига эга. Бироқ амалиётда бу кўрсаткич атиги 33 фоизни ташкил этади. Технологиянинг тўлиқ қувват билан ишламаслигига ҳуқуқий чекловлар, инсон назоратининг зарурлиги ҳамда мураккаб тизимлар билан интеграция қилишдаги қийинчиликлар сабаб бўлмоқда.
Энг кўп таъсирга учраган касб эгалари дастурчилар бўлиб, уларнинг вазифаларини 75 фоизгача қисмини AI ёрдамида бажариш мумкин. Шунингдек, мижозларни қўллаб қувватлаш хизмати ва таҳлилчилар ҳам бу рўйхатда етакчи. Шу билан бирга, ошпазлар, механиклар ва жисмоний меҳнат билан банд бўлган 30 фоиз ишчилар учун AI ҳали сезиларли ўзгариш ясагани йўқ.
Қизиғи шундаки, AIнинг кенг тарқалиши ишсизлик даражасининг кескин ошишига олиб келмаган. Гарчи 22 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёш мутахассисларнинг юқори технологик соҳаларга ишга кириш эҳтимоли 14 фоизга камайган бўлса-да, бу ҳолат ҳали статистик жиҳатдан унчалик кучли эмас. Мутахассислар ушбу ўзгаришларни кадрлар тайёрлаш тизимидаги бошқа омиллар билан ҳам боғлашмоқда.