Google Play батареяни тез сарфловчи иловаларни белгилайди
Google Play дўкони фойдаланувчиларнинг смартфонлари қувватини тез тугатиб қўядиган иловаларни аниқлаш бўйича янги функцияни ишга туширди. 2026 йил 1 март санасидан бошлаб компания бундай дастурларни махсус белгилар билан ажратиб кўрсатишни бошлади. Мазкур жараён бир неча ҳафта давомида босқичма-босқич амалга оширилади. Бу ҳақда rozetked.me хабар беради.
Эндиликда фойдаланувчилар муаммоли иловалар саҳифасига кирганда, ушбу дастур фон режимида юқори фаоллик кўрсатаётгани ва батареяни кутилганидан кўпроқ сарфлаётгани ҳақида огоҳлантиришни кўришади. Тизим Андроид Виталс кўрсаткичлари асосида ишлайди ва қурилмани ортиқча уйғотадиган дастурларни автоматик тарзда аниқлайди.
Ушбу янгилик нафақат огоҳлантириш билан чекланиб қолмайди. Батареяни ҳаддан ташқари кўп сарфлайдиган иловалар Google Play тавсияларидан ва бошқа тарғибот бўлимларидан чиқариб ташланади. Бироқ мусиқа плеерлари, навигация ёки фойдаланувчи томонидан махсус рухсат берилган фон жараёнлари учун истиснолар мавжуд. Бу чоралар смартфонлар ишлаш муддатини узайтириш ва фойдаланувчилар тажрибасини яхшилашга қаратилган.