Янгиҳаёт туманининг 11 та маҳалласида электр таъминоти узилди
Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида жойлашган 11 та маҳаллада электр энергияси таъминотида узилишлар юзага келди. Бунга шаҳардаги 110 кВ кучланишли юқори вольтли электр узатиш тармоғида содир бўлган техник носозлик сабаб бўлган. Айни дамда ҳудудда шаҳар авария-тиклаш бригадаси мутахассислари иш олиб бормоқда.
Электр таъминотидан вақтинча узилган ҳудудлар қаторига «Файзли», «Ал-Фарғоний», «Йўлдош», «Чорбоғ», «Виктор», «Ёрқинҳаёт», «Дўстлик», «Навқирон», «Бинокор», «Тошкент» ҳамда «Хушнуд» маҳаллалари киради. Масъул ходимлар томонидан носозликни бартараф этиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, таъмирлаш ишлари якунлангач, электр энергияси қайта тикланади. Аҳоли вақтинчалик ноқулайликлар учун тушуниш билан ёндашишлари сўралади. Электр таъминоти яқин вақт ичида тўлиқ изга туширилиши режалаштирилган.