Қатар Эрон билан урушнинг ҳалокатли оқибатларидан огоҳлантирди
Қатар ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мажид ал-Ансорий Яқин Шарқ минтақавий уруш ҳолатида эканлигини ва бу ҳолат ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини маълум қилди. У бу ҳақда 10 март куни журналистлар саволларига жавоб бериш чоғида айтиб ўтди. Бу ҳақда tengrinews.kz хабар беради.
Дипломатнинг таъкидлашича, Қатар 2023 йилдан бери Эрон билан зиддиятларнинг кучайиши бутун дунё учун хавфли эканлиги ҳақида доимий равишда огоҳлантириб келмоқда. Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай дипломатик музокаралар бошланишидан олдин Эрон ўз ҳужумларини тўхтатиши шарт.
Ал-Ансорий Теҳронни Форс кўрфази ва ундан ташқаридаги фуқаролик инфратузилмаларига зарба беришда айблади. Бу ҳаракатлар нафақат минтақага таҳдид солиши, балки бутун дунёда гуманитар ҳалокатни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, у Қатарга қилинган ҳар қандай ҳужумга муносиб жавоб қайтарилишини қўшимча қилди.
Эрон президенти Масъуд Пезешкиён қўшни давлатлардан узр сўраганидан сўнг, Қатар ҳужумлар тўхтатилишига умид қилган эди. Бироқ зарбалар ҳамон давом этмоқда. Эрон томони ўз ҳужумлари фақат АҚШ манфаатларига қаратилганини ва минтақада Американи қўллаб-қувватлаш душманлик ҳаракати сифатида баҳоланишини бир неча бор таъкидлаган.
Бунга жавобан Қатар ташқи ишлар вазирлиги вакили АҚШ ва бошқа мудофаа ҳамкорлари билан стратегик алоқалар шубҳа остига олинмаслигини билдирди. Ҳозирги вақтда Patriot тизимлари Америка ҳамда Европа иттифоқчилари билан биргаликда мамлакатни ҳимоя қилаётгани ва бу хавфсизлик ҳамкорлиги Қатарни ҳар қандай ҳужумлардан асрашнинг асосий воситаси эканлиги қайд этилди.