«Барселона» йирик ғалаба билан «Севиля»дан реванш олди
Испания Ла Лигасининг 28-турида «Барселона» ўз майдонида «Севиля»ни қабул қилиб, мухлисларга голларга бой ва жуда қизиқарли учрашув тақдим этди. Каталония клуби рақиб дарвозасига 5 та гол йўллаб, биринчи даврадаги 1:4 ҳисобидаги мағлубият учун ўзига хос реванш олди.
Учрашув бошиданоқ майдон эгалари фаол ҳаракат қилди. 9-дақиқада Рафиня пенальти орқали ҳисобни очди. Орадан кўп ўтмай, 21-дақиқада бразилиялик ҳужумчи яна пенальтидан фойдаланиб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. «Барселона»нинг ҳужумлари шу билан тўхтаб қолмади. 38-дақиқада Дани Олмо рақиб дарвозабонини яна бир бор ноқулай ҳолатга солиб, жамоасининг учинчи голига муаллифлик қилди.
Биринчи таймнинг қўшимча дақиқаларида Осo «Севиля» ҳисобидаги голни киритиб, фарқни қисқартирди. Аммо иккинчи бўлим бошида Рафиня яна ўз сўзини айтди. 51-дақиқада у ҳет-трикка эришиб, жамоасининг устунлигини янада мустаҳкамлади. 60-дақиқада эса Жоау Канселу голлар фестивалини давом эттириб, «Барселона»нинг бешинчи голини киритди.
Учрашув охирида Соу 90+2-дақиқада «Севиля»нинг иккинчи голини урди. Шундай қилиб, ўйин 5:2 ҳисобида майдон эгалари фойдасига якунланди.
Ушбу баҳсда яна бир муҳим воқеа рўй берди. Каталония клубининг иқтидорли ярим ҳимоячиси Гави узоқ давом этган жароҳатдан сўнг майдонга қайтиб, мухлисларни қувонтирди.
Ла Лига. 28-тур
Барселона — Севиля 5:2
Голлар: Рафиня (9 пеналти, 21 пеналти, 51), Олмо (38), Канселу (60) — Осо (45+3), Соу (90+2).
Барселона — Гарсия, Эспарт, Кубарси, Мартин, Канселу (Араухо, 66), Педри (Фермин, 46), Бернал (Касадо, 67), Олмо, Бардакчи (Ямал, 67), Рафиня (Гави, 82), Левандовски.
Севиля — Влаходимос, Хуанлу, Куасси (Кастрин, 70), Гудел, Суазо (Варгас, 46), Агуме (Буэно, 78), Соу, Кармона (Эжуке, 46), Санчес, Осо, Адамс (Мопе, 46).
Огоҳлантириш: Суазо (37).
Бу ғалабадан кейин Ханси Флик бошчилигидаги «Барселона» ўз очколари сонини 70 тага етказиб, турнир жадвалидаги пешқадамлигини янада мустаҳкамлади. Яқин таъқибчи «Реал Мадрид» 66 очко билан иккинчи ўринда бормоқда ва жамоалар ўртасидаги фарқ 4 очкони ташкил этмоқда.
«Севиля» эса 31 очко билан турнир жадвалида 14-поғонада қолмоқда ва мавсумнинг қолган қисмида ўз позициясини яхшилашга ҳаракат қилади.