Самарқандда туристик салоҳиятни ошириш учун янги дастурлар
Йиғилишда маҳаллий туроператорлар учун бир қатор муҳим янгиликлар эълон қилинди. Хусусан, 1 апрелдан бошлаб туроператорларга уч ой давомида жалб қилинган ҳар 1 минг хорижий турист учун давлат бюджети ҳисобидан 5 минг долларгача субсидия ажратилади. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғининг ярми «кешбек» тарзида қайтарилади.
Ижтимоий тармоқларда 5 миллиондан ортиқ кузатувчиси бўлган 50 та хорижий блогерга Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун етти кунлик бепул турпакет тақдим этилади.
Дунёдаги энг йирик онлайн саёҳат платформаларида Ўзбекистонга саёҳатни тарғиб қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳам қоплаб берилади.
Жорий йилда дунёга машҳур камида 5 та санъаткорнинг гастроллари, шунингдек, 10 та бизнес форуми ва мода фестивали Самарқандда ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, Самарқандни аниқ ва табиий фанлар бўйича олимпиада, форум ва илмий конференциялар ўтказадиган илмий марказга айлантириш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Масалан, 2028 йилда Самарқандда ўтказиладиган Халқаро астронавтика конгрессида ҳозирнинг ўзида юздан ортиқ давлатдан 10 мингга яқин одам иштирок этиш истагини билдирган.
Мутахассисларга ушбу йўналишдаги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда махсус дастурлар ишлаб чиқиш топширилди.
Бу имкониятлар натижасида Самарқандга йил охирига қадар 6 миллион турист жалб қилиш мақсади белгилаб олинди.