Натанздаги зарба: уран мажмуасига ҳужум қилинди
Эрон Атом энергияси ташкилоти маълумотига кўра, 21 март куни эрталаб АҚШ ва Исроил томонидан Натанз шаҳрида жойлашган Шаҳид Аҳмадиан-Рошун уран бойитиш мажмуасига зарба берилган.
Маълумотларда қайд этилишича, мазкур ҳужум давомида объект инфратузилмасига маълум даражада зарар етказилган бўлиши мумкин. Бироқ ўтказилган техник баҳолаш натижаларига кўра, ҳеч қандай радиоактив моддалар ташқи муҳитга сизиб чиқмаган.
Ташкилот расмий баёнотида таъкидланишича, атрофдаги аҳоли учун ҳозирча хавф йўқ ва ҳудудда радиацион ҳолат барқарор сақланмоқда. Шу билан бирга, аҳоли хавфсизлиги бўйича доимий назорат олиб борилаётгани маълум қилинди.
Эрон Атом энергияси ташкилоти бу ҳужумни қатъий қоралаб, уни халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳамда халқаро мажбуриятларни бузиш деб баҳолади. Хусусан, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома қоидаларига зид ҳаракат сифатида кўрсатилди.