Франция Исроил томон йўл олган АҚШ ҳарбий самолётлари учун ҳаво ҳудудини ёпди
Франция Яқин Шарқда бошланган “Эпик ғазаб” номли ҳарбий операция доирасида АҚШ ҳарбий самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпгани маълум қилинди. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social тармоғидаги саҳифасида баёнот берди.
Унинг таъкидлашича, Франция Исроил томон йўл олган ва ҳарбий юк ортилган самолётларнинг ўз ҳудуди устидан учиб ўтишига рухсат бермаган. Мазкур қарор АҚШ томонидан олиб борилаётган операциялар фонида эътиборни тортди.
Трамп ўз баёнотида Францияни танқид қилиб, уларнинг бу жараёнда ёрдам кўрсатмаганини қайд этди. “Франция 'Ерон жаллодлари' нинг йўқ қилинишида ҳеч қандай ёрдам бермади”, — дея ёзди у.
Шунингдек, АҚШ бу ҳолатни ёдда сақлаб қолишини ҳам қўшимча қилган. Мазкур вазият икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва сиёсий муносабатларга таъсир қилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.