Хоразмда "сварка" аппарати ичига яширилган 1,46 кг героин фош қилинди
Фото: ДХХ
“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида, Давлат хавфсизлик хизмати Хоразм вилояти бошқармаси ҳамда божхона ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ноқонуний гиёҳвандлик айланмасига қарши тезкор тадбир амалга оширилди.
Маълум бўлишича, туман марказидаги автотураргоҳда текширилган шахс Самарқанд вилояти Ургут туманида истиқомат қилади ва 2001 йилда туғилган. Текширув жараёнида унинг юк сумкасидаги темир пайвандлаш ускунаси (сварка аппарати) ичида ноқонуний равишда яширилган 1 кг 460 грамм героин ва 27 грамм опий аниқланди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу шахс гиёҳвандлик воситаларини аввал Тожикистондан олиб, Хоразм вилоятидаги мижозларга сотиб даромад топишни режалаштирган. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва ушбу жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тезкор-тергов ҳаракатлари фаол давом этмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати аҳолини бундай қонунбузарлик ҳолатларини учратганда 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақиради. Шунингдек, мурожаат қилувчиларнинг шахсий маълумотлари сир сақланиши кафолатланади.
Бу ҳодиса жамоат хавфсизлиги ва қонунийликни таъминлашда давлат органларининг тезкор ва самарали ҳаракатларини яна бир бор намоён этди.