ЖЧ-2026 финали чипталари нархи рекорд даражада кескин ошди...
Жаҳон футболи мухлислари интиқлик билан кутаётган ЖЧ-2026 финал учрашуви атрофида яна бир муҳим янгилик пайдо бўлди. ФИФА АҚШдаги машҳур “MetLife Stadium” аренасида бўлиб ўтадиган ҳал қилувчи баҳс учун чипталар нархини янада оширди.
48 та иштирокчи жамоа таркиби аниқлаштирилгандан сўнг тақдим этилган янги тарифларга кўра, финал ўйини учун энг қиммат чипта нархи 10 990 доллар этиб белгиланди. Бу аввалги 8 680 долларлик кўрсаткичга нисбатан қарийб 26,6 фоизга юқори дегани.
Қолган тоифаларда ҳам жиддий ўсиш кузатилди. Масалан, иккинчи категория чипталари 7 380 долларгача кўтарилди (аввал 5 575 доллар), учинчи тоифа эса 5 785 доллар этиб белгиланди (аввал 4 185 доллар). Бу эса мос равишда 32,4 ва 38,2 фоизлик ошишни англатади.
Манбаларга кўра, ФИФА бу сафар замонавий динамик нарх белгилаш тизимини жорий этган. Яъни чипта баҳоси талаб даражаси ва қолган ўринлар сонига қараб доимий равишда ўзгариб боради. Бу эса айниқса финалга қизиқиш юқори бўлган пайтда нархларни янада кўтариши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 турнири АҚШнинг 11 шаҳри, Мексиканинг 3 шаҳри ва Канаданинг 2 шаҳрида ўтказилади. Шу сабабли мусобақа тарихдаги энг кенг қамровли чемпионатлардан бири бўлиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, чипталар онлайн сотувга чиқарилган куни айрим техник носозликлар ҳам кузатилди. Кўплаб мухлислар расмий сайтга киришда қийинчиликларга дуч келиб, навбатлар ва узилишлардан норози бўлишди.
Қисқаси, ЖЧ-2026 нафақат майдондаги кураш, балки трибуналар учун ҳам “қиммат ўйин”га айланмоқда. Энди савол битта: бу нархлар мухлисларни тўхтатадими ёки финал стадиони барибир тўлиб-тошадими?