“Трамадол” ва “Лирика” билан соғлиққа зарар етказувчилар қўлга олинди
![“Трамадол” ва “Лирика” билан соғлиққа зарар етказувчилар қўлга олинди](http://uznews.uz/upload/news/medium/20180125123734d.jpg)
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари, Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда Давлат солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди.
Тадбирлар давомида муқаддам айланма йўллар орқали олиб кирилган инсон нерв-асаб тизимига кучли таъсир қилувчи "Трамадол" ва "Лирика" дори воситаларининг олди-сотдиси билан шуғулланувчи шахсларнинг фаолиятига чек қўйилди.
Жумладан, пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги автотураргоҳларнинг бирида фуқаро Д.Аҳмедов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгатирилган) 300 та конвалютадаги, жами 3000 дона "Трамадол" дори воситаларини 5 млн 700 минг сўм эвазига ноқонуний равишда сотаётган вақтда қўлга олинди.
Шунингдек, Учтепа туманида олиб борилган тезкор тадбир давомида фуқаро Ж.Ниёзов 288 дона "Лирика" дори воситаларини 4 миллион сўмга сотаётган вақтда қўлга олинди.
Ушбу холатлар бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан холислар иштирокида тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тадбир давомида аниқланган "Трамадол" ва "Лирика" дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.