Тест синовларининг 2-кунида ҳам 5 мингдан ортиқ абитуриент имтиҳонга келмади
![Тест синовларининг 2-кунида ҳам 5 мингдан ортиқ абитуриент имтиҳонга келмади](https://uznews.uz/upload/news/medium/fergna.jpg)
Шундан 40 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойида: 28 нафари телефон, 3 нафари шпаргалка, 9 нафари бошқа абитуриент ўрнига кирмоқчи бўлгани учун четлатилган.
Тест синовларининг иккинчи кунида 5 695 нафар абитуриент тест синовига келмади. Бу ҳақда Давлат тест маркази олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказилаётган тест синовларининг 2020 йил 3 сентябрь куни якуни бўйича эълон қилган ахборотида маълум қилди.
Унга кўра, республикадаги 65 та объектда (48 та стадион ва 17 та хиёбонда) тест синовлари 1-сменада соат 08.00 да бошланиб, 11.00 да тугади ва 2-сменада 17.00 да бошланиб, 20.00 да тугади.
Наманган вилоятида об-ҳаво туфайли, 2-сменада имтиҳон соат 18.30 да бошланиб, 21.30 да тугади.
⠀
Тест синовларида бир кунда иштирок этиши режалаштирилган 117 919 нафар абитуриентдан 112 103 нафари - 95,1 % қатнашди.
⠀
6 нафар абитуриентнинг тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлганлиги сабабли, уларга иштирок этишга рухсат берилмади.
Жами 5 695 нафар абитуриент тест синовига келмади.
40 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойида: 28 нафари телефон, 3 нафари шпаргалка, 9 нафари бошқа абитуриент ўрнига кирмоқчи бўлгани учун четлатилди.
75 нафар абитуриент имтиҳон жараёнида:
- 62 нафари телефон ва электрон қурилмалар;
- 7 нафари шпаргалка;
- 4 нафари тест материалларини олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилгани;
- 2 нафари бошқа шахснинг ўрнига киргани учун четлатилди.
⠀
Наманган, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида бошқа абитуриент ўрнига кирмоқчи бўлган 6 нафар "сохта абитуриентлар" жараёндан четлатилиб, Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан белгиланган тартибда чоралар кўрилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда ўтказилаётган тест имтиҳонларининг 1-кунида 6 312 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тестда иштирок этиш учун келмагани маълум қилинганди.