Икки ҳоким ерни тадбиркорларга ноқонуний бергани учун ҳайфсан олди
![Икки ҳоким ерни тадбиркорларга ноқонуний бергани учун ҳайфсан олди](https://uznews.uz/upload/news/medium/%D2%B3%D0%BE%D0%BA%D0%B8%D0%BC%D0%BB%D0%B0%D1%80.jpg)
Келгусида бундай ҳолатлар такрорланса, улар эгаллаб турган лавозимидан озод қилинади.
17 декабрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг тегишли фармойиши қабул қилинди, дея ёзмоқда ЎзА.
Фармойишда айтилишича, Тошкент вилояти ва Қибрай тумани ҳокимларининг юридик шахсларга ер участкаси ажратиш юзасидан қабул қилган қарорларида қонунчилик талабларининг бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслигини таъминлаш, шунингдек, бу борада ҳудудлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини янада ошириш мақсадида ҳокимларга интизомий жазо берилган.
Хусусан, Тошкент вилоятининг ҳокими Рустам Холматов ва Қибрай тумани ҳокими Мираъзам Миркасимовга "ҳайфсан" интизомий жазо чораси эълон қилинди ҳамда улар келгусида бундай ҳолатлар такрорланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимида қолиши масаласи кўриб чиқилиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилди.
Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов зиммасига юкланди.