Назорат бор, натижа йўқ: «Леванте» «Севилья»ни сафардa уч бор жазолади
Испания чемпионатининг 18-турида «Севилья» ўз майдонида «Леванте»га 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Учрашув бошидан мезбонлар тўпни назорат қилиб, позицион ҳужумлар орқали босим ўтказишга уринди. «Севилья» қанотлар ва стандарт вазиятлардан фаол фойдаланди, бироқ зарбалар кўпинча рақиб ҳимоячилари томонидан тўсилди, узатмалар эса манзилига етиб бормади.
«Леванте» эса ҳимоядан тартибли ўйнаб, ортиқча очилмади ва рақиб хатосини сабр билан кутди. Танаффусгача бу режа иш берди: Икер Лосада бўш ҳудуддан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди.
Иккинчи бўлимда «Севилья» босимни кучайтириб, жарима майдонига тез-тез кириб борди. Шунга қарамай, меҳмонлар ихчамликни йўқотмай, ҳимояда хотиржам ҳаракат қилди.
77-дақиқада захирадан тушган футболчи ўзини кўрсатди: Луис Моралес узатмасидан сўнг Карлос Эспи жамоасининг устунлигини икки тўпга оширди. Якунда мезбонлар катта куч билан олдинга ўтгани ортидан чизиқлар оралиғида бўшлиқлар пайдо бўлди ва қўшимча дақиқаларда Карлос Алварес қарши ҳужумда чап оёғи билан аниқ зарба бериб, якуний ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
«Севилья» 64 фоиз тўп назоратига эга бўлса-да, вазиятлардан фойдалана олмади. «Леванте» эса имкониятларни максимум даражада голга айлантириб, энг юқори самарадорликни намойиш этди.