Аллейн дерби олдидан ҳаяжонда: Ҳусанов билан алоқаси ҳақида гапирди...
АПЛнинг 22-турида “Манчестер Сити” ўз майдонидаги энг катта имтиҳонлардан бирига тайёргарлик кўряпти — рақиб “Манчестер Юнайтед”. Дерби олдидан “шаҳарликлар” ҳимоячиси Макс Аллейн жамоа кайфияти, илк дерби тажрибаси ва ўзбекистонлик легионер Абдуқодир Ҳусанов билан муносабатлари ҳақида фикр билдирди.
Аллейннинг айтишича, бу беллашув у учун алоҳида аҳамиятга эга — чунки бу унинг “Сити” сафидаги биринчи манчестер дербиси.
“Бу мен учун биринчи дерби, биринчи тажриба. Жуда ҳам ҳаяжондаман. Атмосфера ажойиб бўлишига ишонаман, интиқлик билан кутяпман. Бу ҳақда эртага ва индинга тайёргарлик кўриб, муҳокама қиламиз. Мен Абдуқодир Ҳусанов билан жуда яхши алоқа ўрнатиб улгурдим”, — деди Аллейн.
Унинг сўзларидан кўриниб турибдики, жамоа ичидаги ўзаро тушуниш ҳам муҳим детал сифатида қаралаяпти. Айниқса ҳимоячилар ўртасидаги “ким қаерни ёпади, ким қачон чиқади” деган автоматик ҳис этиш дерби каби ўйинларда олтинга тенг.
Шунингдек, Аллейн “Манчестер Сити”даги фаолияти қандай кечаётгани ҳақида ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, бу давр жуда шиддатли, лекин айнан шу темп унга ёқяпти.
“Бу пайтгача ҳаммаси жуда шиддатли ўтди, ҳар сонияси ёқди, ҳеч нарсани алмаштирмасдим. “Уотфорд”даги фаолиятимни ёқтирмаганман демайман, аммо асосий мақсад — бу ерга қайтиш, футболдан завқ олиш эди. Ҳозир эса бундан жуда мамнунман”, — дейди у.
Маълумот учун, “Манчестер Сити” — “Манчестер Юнайтед” дербиси 17 январь куни соат 17:30 да старт олади. Мухлислар учун бу ўйин оддий тур ўйини эмас — бу манчестерча “ҳис-туйғулар чемпионати”. Энди эса интрига битта: дербида қайси жамоа совуққон, қайси бири ҳиссиётга ютқазади?