Роналдунинг саҳнадаги сўнгги бобини 2027 йил ёпиши мумкин
Криштиану Роналду келажагини бўлаклаб сотаётгандек: ҳар мавсум янги саволлар, ҳар ҳафта эса янги сарлавҳа. Журналист Бен Жейкобс берган маълумотларга кўра, афсонавий португалиялик 2027 йилда «Ал-Наср»даги фаолиятини якунлаши эҳтимоли бор. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Қуруқ рақамлар ҳаммасини айтиб турибди: Роналду ҳозир 40 ёшда.
У фаолияти давомида 960 та гол урди ва минглик маррага етиш истаги ҳануз ўзгаргани йўқ. Саудиядаги шартномаси 2027 йилгача, «Ал-Наср» сафида эса 125 ўйинда 110 гол қайд этган.
Бу кўрсаткичлар нафақат статистика, балки унинг майдонни тарк этишга шошилмаётганини ҳам англатади. Роналду очиқ айтади: оиласи тўхташни маслаҳат беради, у эса ўзини ҳамон клуб ва терма жамоага фойдали деб билади. Унинг жисмоний тайёргарлиги алоҳида тизимга айланган: мушаклар актив, рекордлар эса валюта.
Португалиялик A Bola нашрига берган фикрида ҳам шу кайфиятни яширмади:
«Ўйлашимча, мен ҳали ҳам яхшиман, клубим ва терма жамоамга ёрдам беряпман, унда нега давом этмаслигим керак».
Шу билан бирга, футбол ташқарисидаги дунё унга бошқа йўлни ҳам кўрсатмоқда. «Манчестер Юнайтед», «Ньюкасл», «Вильярреал» ва «Фиорентина»да ўйнаган Жузеппе Росси Goal.com'га берган интервьюсида Роналдуни Голливудга чорлаб, ҳатто Жокер каби салбий қаҳрамон ролини ҳам тилга олди. Франция терма жамоаси, «Арсенал» ва «Барселона» собиқ ярим ҳимоячиси Эммануэль Пети эса Hochgepokert'да бу мавзуни янада ошириб, «Оскар» даражасигача олиб чиқди.
Бу гаплар тасодифий эмас: Роналду аллақачон оддий футболчи эмас, у катта брендга айланган. Унинг учун жарима майдонидан киностудияга ўтиш, «Ал-Наср»дан яна бир клубга қайтишдан ҳам мантиқлироқ кўриниши мумкин. Камера уни ўнг оёғидаги зарбадек яхши кўради, шу сабаб «янги Жокер» ғояси ҳам кастинг қарорига ўхшайди. Ахир томошабин билан пауза ва ҳиссиёт орқали ўйнашни, сўнг «Siu» билан портлатишни ундан яхши ким билади?
Бироқ асосий масала кино эмас, «Ал-Наср» уни ушлаб қолиш учун клубдаги улушини 15 фоизгача оширишга тайёр экани ҳақидаги миш-мишлар ҳам эмас. Энг катта синов — футболдан кейин ҳам ўзига бўлган қизиқишни ушлаб қолиш. Унинг атрофидагилар эътибор пасайиб кетмаслиги учун режа устида бош қотираётгани аниқ.
Яна бир детал ҳам бор: айни пайтда Мадейрада Роналдунинг ҳайкали ёқиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди, полиция вандалларни ушлади. Роналду эса навбатдаги голидан кейин «Ишонишда давом этамиз, курашишда давом этамиз» деган мазмунда ёзув қолдирди. Гўё икки фильм параллел кетаётгандек: бирида у 960-голини уради, бошқасида эса бронза қиёфаси кулга айлантирилмоқчи. Иккала сюжет ҳам бир нарсани эслатади: улканликка нисбатан нафрат ва абадийлик олдидаги қўрқув.
Роналду майдонни тарк этса, бу қандай бўлади? Сокин «раҳмат» варианти португалияликка мос эмас. Стадионлар бўйлаб олқишли турне, ҳужжатли фильм, реклама кампаниялари ва мингинчи гол учун яна бир катта ҳисоб-китоб — булар анча мантиқли, ҳатто одилона кўринади. Чунки у ҳар доим трибунада оддий мухлислар эмас, ҳакамлар ҳайъати ўтиргандек ўйнаган.
Эҳтимол, энг кескин хулоса шуки: Роналду фаолиятини тугатишдан қўрқмайди, у янгилик яратувчи бўлишдан тўхтаб қолишдан чўчийди. У ахборот сабабини ҳамма нарсадан топади — Пирс Морган билан интервьюдан тортиб «Бетмен»даги эҳтимолий Жокер ролига қадар.
Роналду қолган бир неча йилдан роҳатланмоқчи эканини айтар экан, дунё эса ўша «бир неча йил» аслида қанча эканини муҳокама қилишда давом этади. Португалиялик эса ўзи энг яхши биладиган ишни қилади: ҳар бир қадамини воқеага, ҳар бир голини далилга, ҳар бир «тез орада»сини эса чекcизликка айлантиради. Унинг оламида ҳатто хайрлашув ҳам рекорд бўлиши керак.
Арман Тигранянц