«Реал» Эндрикнинг келажаги борасида қарорини белгилаб олди
Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Эндрик ижара асосида тўп сураётган «Лион» сафида ёрқин ўйин кўрсатмоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
19 ёшли бразилиялик футболчи француз жамоаси таркибида ўтган уч учрашувда 4 та гол уриб, 1 та голли узатмани амалга оширди. Лига 1 доирасида «Мец»га қарши баҳсда Эндрик хет-трик қайд этгани ҳам эътиборни тортди.
Журналист Фабритсио Романонинг маълумотига кўра, «Реал»нинг позицияси аниқ: клуб Эндрикни ҳануз ўз режасида ушлаб турибди ва у қайтганидан кейин Мадридда ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлади. «Лион» ижарани узайтиришга уриниши кутилмоқда, бироқ «қаймоқранглилар» раҳбарияти истеъдодли ҳужумчини ортга қайтаришни режалаштирмоқда.
Эндрикнинг испан гранди билан шартномаси 2030 йилнинг ўрталаригача амал қилади.